Ўзбекистонда ССП тизими тубдан ислоҳ қилинади

Дата: 18:11, 22-06-2017.

Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг (ССП) тизими тубдан ислоҳ қилинади. 2017 йил 19 июнда ушбу масала юзасидан мамлакат президентининг махсус қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда ССП ислоҳ билан боғлиқ асосий вазифалари белгиланган.

ССПга ваколатли органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда унинг натижаларини тизимли асосда Ўзбекистон Президенти Девони, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларга тақдим этиш вазифаси юкланмоқда.

Палата давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва ходимларига нисбатан шикоят аризалари берган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилади, тадбиркорлик субъектлари фаолияти мониторингини амалга ошириш ҳамда улар фаолияти текширувларида Палата аъзоларининг иштирок этишини таъминлайди.

ССП қонунчилик соҳасида тадбиркорлик фаолияти соҳаси қонунчилигини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга доир давлат дастурларини яратишда иштирок этади.

Саноат, транспорт, қурилиш, молия, ахборот-коммуникация технологиялари, савдо ва хизматлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳалар бўйича эксперт кенгашларини ташкил этади.

ССП жойлардаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ҳамда қонунчиликдаги меъёрлар ва талабларнинг амалга оширилиши натижалари бўйича ҳар чоракда таҳлил ўтказади ва уларни яхшилаш бўйича таҳлилий материаллар ва таклифларни тақдим этади.

Янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорларни жойлаштириш учун бизнес-инкубаторлар яратиш ва фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларга бизнес-режаларни тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатади.

Савдо-саноат палатаси аъзолари ва ҳамкорлари иштирокида жамоатчилик асосида қўмиталар, ишбилармонлик ва мувофиқлаштириш кенгашларини ташкил этлади, улар инновация тадбиркорлигини жорий этишга, “startup” лойиҳалар, ёшларнинг, аввало олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ўз бизнесини ташкил қилиш ва юритишни қўллаб қувватлайди.

ССП тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш ва қайта ишлаш, ваколатли органларга кўриб чиқиш учун тақдим этиш, шунингдек, уларнинг ижро этилиши устидан мониторинг олиб бориш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади.

Вилоятлар марказлари, туманлар ва шаҳарларда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини ташкил этилиб, уларнинг ваколатли давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, давлат хизматлари тақдим этувчи хўжалик бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминланади. Хужжатда ССПнинг бошқа вазифалари ҳам белгилаб берилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: