Ўзбекистонда стартапларни қўллаб қувватлаш дастурининг янги мавсуми эълон қилинди

Дата: 18:20, 04-04-2017.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – БМТ Тараққиёт Дастури Фан ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликда ёшларнинг стартап-ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастурининг иккинчи босқичини бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мазкур дастур ўзининг бизнесини бошлашда ҳамда тадбиркорлик кўникмаларини оширишда ёшларга ёрдам кўрсатишга қаратилган. Дастур уч ой давом этиб, унда иштирокчилар тажрибали устозларнинг йўл-йўриқлари билан “ғоя” босқичидан то стартапнинг яратилиши босқичигача бўлган ёълни босиб ўтиши кутилади.

“Дастурда иштирокчиларни танлаб олиш жараёни тегишли аризаларни қабул қилиш, номзодлар билан суҳбат ўтказиш ва экспертлар олдида жамоаларниг чиқиши асосида амалга оширилади. Ҳайъат аъзолари томонидан танлаб олинган жамоалар Дастурда иштирок этиш имконини қўлга киритиб, ўз лойиҳасини амалга оширишнинг “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, гипотезаларини синаб кўриш, ўз лойиҳаларининг қийматини тасдиқлаш, минимал ишловчи маҳсулот ишлаб чиқиб уни синовдан ўтказишга муваффақ бўладилар”, - деб таъкидлашди БМТТД матбуот хизматида.

Дастурнинг иккинчи босқичида таълим қисми янада бойитилиб, турли соҳалардаги янги мутахассислар иштирокида олиб борилиши кутилмоқда. Хусусан, биринчи босқич давомида орттирилган тажриба инобатга олинган ҳолда танлаб олинган стартапларни амалиётда бажаришга кўпроқ урғу қўйилади. Экспертлар лойиҳа гипотезаларини ва таклиф қилинаётган қийматни текширишда, дизайн ҳамда дастурий таъминотни ишлаб чиқишда, юзага келиши мумкин бўлган турли ҳуқуқий масалаларни ечишда, лойиҳа прототипини яратиш ва сотув каналларини излашда ёрдам бериши кўзда тутилган.

Энг яхши лойиҳалар “Demo Day” деб номланиш якуний тадбирда лойиҳани тақдимот этиш ва Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида иштирок этиб, имтиёзли кредитлар ҳамда ташкилотларнинг спонсорлик ёрдамини олиш имкониятига эга бўладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: