Ўзбекистонда суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилади

Дата: 10:39, 11-07-2019.

Тошкент. 11 июль. ЎзТАГ - Ўзбекистонда суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни суғурта хизматлари бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

"2019 йилнинг олти ойида тегишли ташкилотлар томонидан тўпланган суғурта мукофотлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар ошди. Лекин аҳоли жон бошига нисбатан ҳар бир инсон учун 50 минг сўм суғурта мукофотлари тушади. Ушбу соҳанинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши атиги 0,4 фоизга етди. Таққослаш учун, бу кўрсаткич Жанубий Кореяда 11%ни, Германияда 6%ни, Россияда 1,5%ни ташкил этади-", – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, соҳадаги муаммоларнинг сабабларидан бири суғурта хизматларининг паст даражада жалб этилиши ҳисобланади. Масалан, ўтган олти ой давомида жами 887 млрд. сўмлик суғурта мукофотлари тўпланган бўлса, шу даврда мижозларга тўланган суғурта товонлари ушбу сумманинг атиги 11 фоизини ташкил этади. Дунё бўйича бу кўрсаткич ўртача 50-60%га тенг.

Йиғилишда молия вазирлиги ҳузуридаги суғурта назорати давлат инспекциясини замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда тубдан ислоҳ қилиш масалалари муҳокама қилинди.

"Соҳага назорат қилувчи тузилма керак эмас, балки илғор замонавий стандартларни жорий этиш, барча иштирокчилар учун ҳақиқий рақобат муҳитини яратиш, суғурта бозорини ривожлантириш керак", - деди Ш.Мирзиёев.

Ушбу инспекцияни тугатиш ва Суғурта бозорини ривожлантириш бўйича агентлик ташкил этиш таклиф қилинди. Мутасаддиларга суғурта соҳасини ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, 2022 йилгача аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғурта мукофотлари ҳажмини 3 баробар, шунингдек, усоҳанинг ялпи ички маҳсулотидаги соҳа улушини эса 2 баравар ошириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Молия вазирлиги ва Монополияга қарши кураш қўмитага суғурта даъволарини кўриб чиқиш учун ҳужжатлар рўйхати ва муддатларини қисқартириш, суғурта ҳодисасини адолатли баҳолаш ва тўловларни тезкор тўлаш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Суғурта ташкилотларининг инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, суғурта компаниялари томонидан лизинг фаолияти билан шуғулланишни рағбатлантириш ва лизинг операцияларини солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.

Иқтисодиёт тармоқларининг суғурта хизматларини қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди. Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини суғурталаш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан субсидиялаш механизмларини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Миллий суғурта компанияларининг халқаро молия бозорига киришини таъминлаш, илғор корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш орқали халқаро рейтинглар олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

"Нуфузли таълим муассасалари ва хориждаги етакчи компанияларда суғурта, ўқитиш ва мутахассислар малакасини ошириш соҳасида замонавий кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди", - дейилади хабарда.

Давлатимиз раҳбари мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш ҳақида сўз юритар экан, янги тизимга пухта тайёргарлик кўриш ва тиббий хизматларнинг минимал ижтимоий пакетини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: