Ўзбекистонда судьялар ойига бир марта аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиши шарт бўлади

Дата: 15:58, 14-06-2017.

Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда судьялар ойига бир марта аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиши ва маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобот бериши шарт бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу чоралар 13 июн куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинди.

“Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо бериш зарурлиги қатъий таъкидланди. Шу мақсадда илгари сурилган муҳим бир фикр – ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш ҳақидаги таклиф иштирокчилар томонидан тўлиқ маъқулланди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш вақти келгани қайд этилди. Бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо бериши кўрсатиб ўтилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: