Ўзбекистонда светодиод лампаларни жорий этиш 1,6 млрд кубометр газни тежашга имкон беради
Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда светодиод лампаларни жорий этиш 1,6 млрд кубометр газни тежашга имкон беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекэнерго” АЖ маълумотларига кўра, агар барча электр энергияси истеъмолчилари оддий лампаларни светодиод лампаларига алмаштиришса, электр энергияси истеъмолини 5 млрд. кВт∙сга камайтириш мумкин. Шунингдек, бу 1,6 млрд. куб. метр газ ёки 5 млн. тонна кўмирни тежашга имкон беради.
Ҳозирги вақтда республика электр энергияси истеъмолчилари томонидан 43 миллиондан зиёд қуввати 60 ватт оддий лампочкалардан фойдаланилади, уларнинг умумий қуввати 2500 МВт бўлиб, электр энергиясининг истеъмоли эса 6,4 млрд. кВт∙с ни ташкил этади.
Республика бўйича халқ хўжалигини ва аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш учун бир суткада электр қуввати ҳосил қилувчи станцияларда 51 млн. куб метрдан ортиқ табиий газ ва 20 минг тоннадан зиёд кўмир ёқилмоқда.
Светодиод лампаларнинг бошқа ёритгичлардан афзаллиги – улар узоқ муддатли хизмат кўрсатади, электр энергиясини иқтисод қилади, атроф муҳит учун хавфсиз ва милтиллаши йўқлигидадир. Оддий лампаларнинг хизмат муддати 1000 соат бўлса, светодиод лампаларнинг хизмат муддати 50 мингдан ортиқ соатни ташкил этади.
Сурат манбаи: http://technews.tw/2014/07/06/iot-security-led-lightbulb-hacked-and-patched/


