Ўзбекистонда тўрт йирик корхона акциялар пакетлари сотувга қўйилди

Дата: 03:21, 07-11-2015.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ - Ўзбекистонда тўрт йирик корхона акциялар пакетлари сотувга қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси “Тошкент” республика фонд биржасида (РФБ) тўрт корхонанинг қиймати $267,6 млнлик давлат акцияларини сотувга қўйди, дейилади куни-кеча қўмита сайтида жойлаштирилган хабарда.

Хусусан, азотли ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича мамлакат кимё саноатининг йирик корхонаси “Фарғона азот” АЖ 48,05% акциялари бошланғич қиймати $152,8 млн деб баҳоланди. Илк савдолар 11 декабрда бўлиб ўтади.

Шунингдек, инвесторларга “Кварц” АЖ (Қувасой, Фарғона вилояти, шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш) 75% акцияси $94,3 млнга баҳоланиб таклиф этилган. Яна, “Самарқанд-кимё” АЖ 60,35% акцияси $13,1 млн эвазига ва “Жиззах пластмасса” АЖ 61,04% акциялари $7,4 млнга сотувга қўйилган.

Эслатиб ўтамизки, жорий йил майда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов активлари хорижий инвесторларга таклиф этиладиган 68 корхона рўйхатини тасдиқлаган эди. Кейинчалик, июлда Давлат рақобат қўмитаси ва Жаҳон банки ушбу корхоналарга стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича “йўл харитасини” ишлаб чиққан эдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: