Ўзбекистонда тўй ва тантаналарда меҳмонлар сонини қонунан чеклаб қўйиш режалаштирилмоқда

Дата: 16:40, 16-03-2018.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда тўй ва тантаналарда меҳмонлар сонини қонунан чеклаб қўйиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги қарори лойиҳасида ана шулар ҳақида гапириб ўтилган. Лойиҳа куни кеча қонунчилик ҳужжатларини муҳокама қилиш порталида эълон қилинди.

Лойиҳага мувофиқ, оилавий тадбирларни ўтказиш бўйича махсус низом ишлаб чиқилади. Эндиликда тўй ва бошқа оилавий тантаналарни соат 10:00 дан 23:00 гача, тўй ошларини соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, тўйларга таклиф этиладиган меҳмонлар сонини 150 нафаргача, ошда 200 нафаргача киши қилиб белгилаб қўйиш таклиф қилинмоқда. Дафн этиш ва мотам маросимларида (ош бериш маросимлари бундан мустасно) чекланмаган миқдорда киши қатнашиши мумкин.

Ҳужжатга мувофиқ, никоҳни рўйхатдан ўтказиш ва келин-куёвнинг тўйхонага келишида фойдаланиладиган маросимларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида енгил автомашиналар сони 2 тадан кўп бўлмаслиги зарур. Шу билан бирга, пуллик автотранспорт хизматлари фақат лицензияга эга бўлган ташувчилар томонидан кўрсатилиши лозим.

Тўй тадбирларига биттадан ортиқ хонанда ва ансамбль таклиф этиш ҳам таъқиқланади. Бундан ташқари, лойиҳа миллий урф-одат ва анъаналарни менсимасликни таъқиқлайди, шунингдек, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўймасликни белгилайди. Хусусан, эндиликда тўйларда “Love story”, “Келин салом”, “Вальс”, “Торт бериш” ва бошқа ортиқча маросимлар ҳам таъқиқланади. Шунингдек, тўйгача ва тўйдан кейин кўплаб маросимлар ўтказиш ҳам таъқиқланади. Тўйларни ўтказиш устидан жамоат назорати ўрнатилади.

Эслатиб ўтамизки, яқинда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дабдабали ва исрофгарчилик билан ўтказиладиган тўйларни кескин танқид қилди, шунингдек, барча даражадаги давлат органлари ва муассасалари раҳбарларига бундай маросимларга боришни таъқиқлади.

Анъанага мувофиқ, Ўзбекистонда тўй ва тантаналар ортиқча дабдаба ва исрофгарчилик билан ўтказилиб келинади. Одатий тўйга камида 400 меҳмон таклиф этилади. Бундай тўй қилишга қурби етмаган кишилар катта қарзлар олишга мажбур бўладилар, ортиқча сарф-ҳаражатлар низолар ва ажралишларга сабаб бўлади.

 

Сурат манбаи: https://news.mail.ru/society/32752197/

Янгилик билан ўртоқлашиш: