Ўзбекистонда табибнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди

Дата: 14:39, 23-01-2019.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда табибнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Фуқаро Х.И. Шаҳрихон шаҳар “Наврўз” МФЙ, Ҳуррият кўчасида табиблик фаолияти билан шуғулланиб келган. Унинг хонадонига кунига 300-400 нафар фуқаролар, асосан Шаҳрихон тумани, қўшни туман-шаҳарлар, вилоятлар ва хатто қўшни республикаларда яшовчи фуқаролар келиб кетган”, - дейилади Бош прокуратура матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, ташриф буюраётган фуқароларнинг аксариятини юрак-қон томир, эндокрин тизими ва бошқа оғир касалликлар бўйича мурожаат қилаётганлар ташкил қилган.

“Шаҳрихон туман прокуратураси томонидан 2018 йил 28 ноябрда Х.И.га халқ табобати соҳасидаги қонунчиликда белгиланган талаблар, халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақоми ва улар томонидан кўрсатилган хизматлар оқибати учун жавобгарлик белгиланганганлиги тўғрисида тушунтириш бериш билан бирга, лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланган тақдирида жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирилган”, - дейилади хабарда.

Шундан кейин маълум қилинишича, лекин, Х.И. огоҳлантирилишига қарамасдан ўзининг ноқонуний фаолиятини давом эттириб келганлиги боис, Шаҳрихон туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖКнинг 165-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Шаҳрихон туман маъмурий судига юборилган.

Шаҳрихон туман маъмурий судининг 2018 йил 24 декабрдаги қарорига кўра, Х.И.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари, яъни 1.013.650 сўм жарима жазоси тайинлаган.

“Кейинги текширув давомида Х.И ҳозиргача табиблик фаолияти учун лицензия олмаганлиги аниқланган бўлиб, Шаҳрихон туман прокуратураси томонидан Х.И. келгусида лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланган тақдирида жиноий жавобгарликка тортилиши хақида расмий огоҳлантирилди”, - деб таъкидлашди Бош прокуратуради.

Шаҳрихон туман ИИБ ва Шаҳрихон туман ДСИ томонидан кўрилган ташкилий чора-тадбирлар натижасида Х.И.нинг ноқонуний фаолияти тугатилди.

Сурат манбаи: https://clutch.ua

Янгилик билан ўртоқлашиш: