Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил қилиш режалаштирилмоқда

Дата: 15:00, 06-10-2016.

Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошида тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил қилиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 5 октябрда имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармон билан кўзда тутилган.

Хужжатда таъкидланишича, бизнес-омбудсман тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантиришда иштирок этади, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Бундан ташқари у давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: