Ўзбекистонда тадбиркорларни текширишга икки йиллик мораторий жорий қилинди

Дата: 17:12, 23-01-2018.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга жиноий иш доирасидаги ва юридик шахс фаолияти тугатилиши муносабати билан ўтказилаётган текширувларни истисно қилган ҳолда икки йиллик мораторий жорий қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 январдаги “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури тасдиқланган фармонда кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 апрелдан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши тугатилади ва унинг вазифалари прокуратура органларига ўтказилади.

Янги қоидаларга мувофиқ, 1 апрелдан бошлаб жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш) бир ойдан ошмаслиги лозим (алоҳида ҳолларда текшириш бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан узайтирилиши мумкин).

Тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жиноят ишларини қўзғатиш фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг розилиги билан амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар, ўтказилган текширишлар ва мониторинг (асос, текшириш ёки мониторинг ўтказиш вақти, уларни ўтказган ходимлар ва бошқалар) ва аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисидаги ахборотлар мажбурий тартибда прокуратура органларининг махсус электрон ахборот тизимига киритилади.

Сурат манбаи: https://www.kiplinger.com/article/investing/T052-C000-S002-the-abcs-of-munis.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: