Ўзбекистонда тадбиркорларни текширувлардан ҳимоя қилишга доир қонун ишлаб чиқилмоқда

Дата: 09:47, 16-04-2015.

Тошкент. 16 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг давлат томонидан назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қонун лойиҳасининг асосий мақсади тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш амалиётларини такомиллаштириш, улар ишининг барқарорлигини таъминлаш, қонунга риоя қилиб ишлайдиган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашишларни қисқартириш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари устуворлиги, текшириш ҳамда уни амалга ошириш ташаббуси мақсадга мувофиқлигининг мутаносиблиги тамойиллари киритилган бўлиб, улар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган”, – деб таъкидлашди Ўзбекистон Либерал-демократик партиясида.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча текширишларини махсус ваколатли орган билан келишиб олиш тўғрисидаги муҳим меҳёр ҳам кўзда тутилган. Давлат органларининг қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган давлат назорати шаклларини қўллаш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувига йўл қўймаслик учун қонун лойиҳасида қонунда кўзда тутилмаган шаклдаги текширувларни амалга ошириш таъқиқлаб қўйилган. Тадбиркорлик субъектларига қўшимча кафолатларни таъминлаш мақсадида лойиҳада текширув ўтказиш ваколатига эга бўлган назорат қилувчи органлар рўйхатини бериш ҳам назарда тутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: