Ўзбекистонда талабалар стипендияларини ҳисобга олиш тизими яратилди

Дата: 21:27, 23-02-2017.

Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда “UzASBO” дастурий мажмуида талабалар стипендияларини ҳисобга олиш тизими жорий этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бюджет ташкилотларида фойдаланиш учун ишлаб чиқилган “UzASBO” дастурий мажмуасида стипендия билан боғлиқ ҳисоб-китоб ишлари ҳам тўлиқ автоматлаштирилди. Бу ОТМ ҳисобчилари ишини анча енгиллаштириб, маълумотлар шаффофлигини оширишга ёрдам беради.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, шу билан бирга, “UzASBO” дастурий мажмуасида яратилган мазкур имкониятдан клиник ординатурада ўқиётган врачларларга тўланадиган стипендия ва Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув муассасаларидаги чақирилувчиларига тўланадиган нафақалар ҳисоб-китобида ҳам фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги 2753-сонли “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича олий ўқув юртлари талабаларига стипендияларнинг камида 50%и нақд шаклда берилади.

Бугунги кунда юртимизда 77 олий таълим муассасаси фаолият юритяпти, уларда 260 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Ҳар йили мазкур олий ўқув юртларига 60 мингга яқин бакалавр ва 5 минг атрофида магистр қабул қилинади.

Ҳисобчиларга енгиллик бўлишини таъминлаш мақсадида дастлабки босқичда барча маълумотлар, стипендия тайинланиши бўйича буйруқлар ва ҳар ўқув йилида 1-курсга ўқишга қабул қилинган талабаларнинг маълумотлари дастур администраторлари томонидан тегишли Excel шаблон асосида бирйўла дастурга тушириб берилиши мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: