Ўзбекистонда талабалар яна 5-балли тизим бўйича баҳоланади

Дата: 15:57, 28-09-2018.

Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда талабалар яна 5-балли тизим бўйича баҳоланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлиги Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди, унга мувофиқ Ўзбекистоннинг ОТМларида яна талабалар билимини баҳолашнинг 5-балли тизими қайтарилмоқда.

Вазирликдан маълум қилишларича, талабалар билимини назорат қилиш оралиқ ва якуний назорат турларини ўтказиш орқали амалга оширилади. Оралиқ назорат  ҳар бир фан бўйича 2 мартагача ўтказилиши мумкин.

Оралиқ назоратни топширмаган ёки “2” баҳо олган талаба якуний назорат турига киритилмайди.

Якуний назоратга кирмаган ёки киритилмаган, шунингдек ушбу “2” баҳо олган талаба академик қарздор ҳисобланади.

Баҳолаш натижасидан норози бўлган талабалар натижа эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида факультет декани томонидан ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда талабаларни баҳолашнинг 100 баллли тизими (жорий ва оралиқ назорат – 70 балл, якуний – 30 балл) 2000-йилларнинг бошида жорий этилган эди.

Сурат манбаи: из https://upl.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: