Ўзбекистонда таълим фаолияти учун лицензия беришни соддалаштириш ҳақида жиддий ўйлаб қолишди

Дата: 17:10, 16-03-2017.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда нодавлат таълим муассасалари учун бизнес-таълим фаолиятига лицензия бериш тартибини соддалаштириш ҳақида жиддий ўйлаб қолишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Ушбу тавсия Тошкентда бўлиб ўтган давра суҳбатида бошқа таклифлар қаторида айтиб ўтилди. Муҳокама Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларининг чиқишларида олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда нодавлат таълим муассасалари тармоғи орқали бизнес-тузулмалар учун кадрлар тайёрлаш зарур эканлиги ҳақида айрим таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Машғулотларни катта тингловчиларни ўқитиш хусусиятларидан келиб чиқиб олиб бора оладиган амалий тажриба ва билимларга эга ўқитувчиларнинг кескин етишмаслиги бизнес-таълимнинг жиддий муаммоларидан бирилиги таъкидланди. 

Нодавлат таълим муассасаларининг кўпчилиги ўқитувчиларнинг доимий штатига эга эмас, уларнинг молиявий имкониятлари ўз ўқитувчиларини қайта ўқитиш ва тайёрлаш имконини бермайди. Республика миқёсида бизнес-мураббийларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларни сертификация қилиш тизимлари мавжуд эмас. 

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигига Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш миллий стандартларига, ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш талабларига, бизнес-таълимни ташкил этишда фойдаланадиган ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритиш орқали меҳнат бозорини ўрганиш ҳамда талаб этилган ходимлар малакаси даражаси бўйича муайян корхоналарнинг эҳтиёжларини баҳолаш услубиятини тубдан қайта кўриб чиқиш тавсия этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: