Ўзбекистонда таълим ва малака ошириш марказларида ўқитувчиларнинг иш ҳақи ошади
Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда таълим ва малака ошириш марказларида иш ҳақи ошади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, президентнинг 2019 йил 27 августдаги "Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги 5789-сонли фармони қабул қилинди.
"2019 йил 1 сентябрдан бошлаб профессор-ўқитувчиларга, ушбу марказларда ўқитиладиган амалиётчиларга ойлик маошнинг 30% гача устама белгиланади, соатлик иш ҳақи бўйича машғулотларга жалб этиладиган мутахассислар соатлик иш ҳақи миқдорини 20% га ошириш орқали моддий рағбатлантирилади, марказ ходимларининг иш ҳақига 200% гача бўлган устама тўланади", - дейилади хабарда.
Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларида таълим технологиялари кафедралари, пенсия ёшидаги шахслар, уч ёшгача бўлган болали аёллар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ушбу курсларда масофадан туриб ўқитилиши мумкин.
Сурат манбаи: upl.uz


