Ўзбекистонда танасидан игналар топилган чақалоқ соғайиб, уйига қайтди
Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда танасидан игналар топилган чақалоқ соғайиб, уйига қайтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, Азизбек Абдумажидовнинг онаси фарзандининг безовталиги, инжиқлигидан хавотирга тушиб ўзи яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилган. Дастлабки текширувларда унинг томоғи шишгани, иситмаси борлиги туфайли шамоллаш ташхиси қўйилган. Бироқ боланинг аҳволи ўнгланавермагач, унда рентген текшируви ўтказилган ва танасида игна борлиги маълум бўлган. Бола ва унинг онаси зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига келтирилди.
Жорий йилнинг 17 январь куни операция қилинди. 9 соат давом этган операцияда 10 га яқин шифокорлар иштирок этди ва боланинг танасидан 13 та игна чиқариб олинди.
Бола танасига игналар қандай тушиб қолгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Шифокорлар 11 ойлик чақалоқ ҳеч қачон бунча кўп металлни ютиб юборолмаслиги, қизилўнгач ва ошқозонда ҳеч қандай жароҳат аломати йўқлигини қайд этишди.
Эслатиб ўтамизки, икки ой олдин ўзбек ОАВ Тошлоқ туманидан бўлган ушбу боланинг тақдири билан боғлиқ воқеаларни кенг ёритишган эди.
Сурат манбаи: из открытых источников