Ўзбекистонда TAS-IX да ОАВ серверларини жойлаштириш харажатлари камаяди

Дата: 16:34, 28-06-2019.

Тошкент. 28 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда TAS-IXда ОАВ серверларини жойлаштириш харажатлари камаяди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хавфсизлиги манфаатларидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотларининг Интернетдан фойдаланиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва уланиш харажатларини камайтириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларини ҳамда уларнинг серверларини TAS-IX тармоғида жойлаштириш чоралари кўрилсин", - дейилади президентнинг “Оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини таъминлаш ва давлат органлари ва ташкилотлари матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича келгусидаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида.

Бундан ташқари, шу йилнинг 1 октябридан бошлаб болалар адабиётини нашр этишга ихтисослашган нашриётлар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган маҳсулотлар нашриёт фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берганлик учун давлат божи тўлашдан озод этилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг TAS-IX трафик алмашув нуқтаси 2004 йилда Ўзбекистонда халқаро каналлардан фойдаланмасдан турли маълумотлар узатиш тармоқлари ўртасида тўғридан-тўғри трафик алмашиш учун ташкил этилган.

 

Сурат манбаи: gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: