Ўзбекистонда ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди

Дата: 15:35, 17-04-2017.

Тошкент. 17 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигини Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилиш ҳақида фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) президент матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Ушбу қарор ташқи савдо алоқаларининг самарадорлигини янада ошириш, ташқи савдони либераллаштириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда рақобатдош маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш тизимини такомиллаштириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар билан хорижий шериклар ўртасида савдо соҳасида узоқ муддатли барқарор шериклик муносабатларини шакллантириш мақсадида қабул қилинган. 

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ваколатли давлат органи бўлиб, ташқи савдо соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул ҳисобланади ҳамда ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради”, - деб таъкидланади хужжат матнида.  

Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигини қайта ташкил этиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш бўйича иловага мувофиқ таркибда комиссия тузишни топширди. Уни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошқаради.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: