Ўзбекистонда Тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланмоқда
Тошкент. 11 апрел. ЎзТАГ – 18-22 апрел орасида Ўзбекистонда анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Жорий йилда санъат байрами “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишланган. Тадбирлар Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Марказий Кўргазмалар Зали, Тошкент Фотосуратлар уйи, Халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейи, Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатнинг барча вилоятларда ўтказилади.
“5 кун давомида фестиваль бутун мамлакатни қамраб олади ва унинг доирасида турли кўргазмалар, концертлар, маҳорат дарслари ўтказилилади. Фестиваль доирасида юртимизда фаолият олиб бораётган қатор дипломатик ваколатхоналарнинг кўргазмалари бўлиб ўтади”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон Бадиий Академияси матбуот хизматида.
Бундан ташқари, миллий либослар намойиши, қизиқарли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилилади, санъатшунослар замонавий тасвирий санъат муаммоларини муҳокама қиладилар.