Ўзбекистонда Tax free тизими жорий этилади

Дата: 15:09, 21-11-2017.

Тошкент. 21 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Испаниянинг Innova Taxfree компанияси Ўзбекистонда шопинг-туризм стратегиясини ишлаб чиқиш ва Tax free тизими жорий этиш ҳақида келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Томонлар испан мутахассисларининг жавоб ташрифи доирасида февралда қўшма лойиҳани биргаликда ишлаб чиқиш бўйича амалий қадамларни муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Innova Taxfree вакиллари маҳаллий бозорни таҳлил қилиб, ҳамкорликнинг бир неча истиқболли йўналишларини белгилаш ниятидалар”, - деб таъкидлашди қўмитада.

Бундан ташқари, қўмита вакиллари келаси йил январда Испания энергетика ва туризм вазирлиги билан 2020 йилгача ҳамкорлик дастурини имзолаш ниятида. У испан экспертлари гуруҳининг мамлакат сайёҳлик санотини янада диверсификация қилиш ва тренинг ҳамда семинарлар ташкил қилиш учун республикага ташриф буюришини кўзда тутади.

 Ўзбек ва испан туркомпаниялари ўртасида кейинги йилда 3 мингдан зиёд испан туристларини Ўзбекистонга юбориш ҳақида келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамизки, Tax free – қўшимча қиймат солиғини қайтариб бериш бўйича халқаро тизимдир. Солиқ хорижда битта дўкондан бир кунда маълум суммага қилинган харидлардан қайтарилади. Мамлакатдан келиб чиқиб, сарфланган сумманинг 24% қайтариш мумкин. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: