Ўзбекистонда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни локализация қилиш бўйича 2019 йилгача бўлган дастур ишлаб чиқилади

Дата: 11:40, 19-01-2015.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига 2015-2019 йилларда Тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни локализация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқишни топширди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида давлат раҳбари мамлакат ҳукуматининг 2014 йил якунлари ва 2015 йилги устиворликларга бағишланган йиғилишда қилган чиқишида маълум қилди.

“Бугунги кунда дунёда рўй бераётган воқеалар мавжуд маҳаллий хомашё базаси асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мамлакатимизнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлай олишини яққол кўрсатиб турибди. Маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш борасида тўплаган тажрибамиз бизнинг ташқи омилларга боғлиқлигимизни камайтириш, ички талабни шакллантириш ва бозорларимизни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи маҳсулотлар билан тўлдириш, ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватларининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш, валюта ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича муҳим роль ўйнашини амалда тасдиқламоқда. Саноат ишлаб чиқаришида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажмининг жадал ўсиб бораётгани бунинг амалий тасдиғидир. 2005 йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 9,2% ташкил этган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич қарийб 20%га етди”, – деб таъкидлади Ислом Каримов.

Янгилик билан ўртоқлашиш: