Ўзбекистонда телеканалларнинг ярмидан кўпи ва радиоканалларнинг 10тадан 9таси нодавлатдир

Дата: 15:36, 28-06-2017.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда телеканалларнинг ярмидан кўпи ва радиоканалларнинг 10тадан 9таси нодавлатдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида келтирилди.

“Аввало, сиз, азизларни – юртимиздаги барча журналистлар, газета ва журналлар, теле-радиоканаллар, нашриёт ва матбаа корхоналари фидойиларини, муҳтарам фахрийларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, сизларга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим, эзгу тилакларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз”, - дейилади табрикда.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда республикада 1500дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Биргина Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканалларнинг бир сутка давомидаги умумий эфир вақти 616 соатни ташкил этмоқда. Ҳолбуки, мустақилликдан олдин бу рақам бор-йўғи 48 соатга тенг эди, холос. 

“Эътиборга молик жиҳати шундаки, оммавий ахборот воситаларининг таркиби ҳам тубдан ўзгариб бормоқда. Буни юртимиздаги барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари экани ҳам тасдиқлайди. Яқин кунларда иш бошлайдиган, кечаю кундуз узлуксиз фаолият олиб борадиган “O`zbekiston-24” телеканали миллий ахборот маконида ўз муносиб ўрнини ва ўз томошабинларини топади, деб ишонамиз”, - деб таъкидланади табрикда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: