Ўзбекистонда тиббий муассасаларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга 500 млрд сўм атрофида сарфланди

Дата: 16:06, 18-01-2016.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистонда тиббий муассасаларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга 500 млрд сўм атрофида сарфланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланишича “Республика болалар суяк-сил касалликлари санаторийси, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Қарши ва Самарқанд шаҳарларида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шунингдек, мамлакатимизнинг кўплаб туманларида тиббиёт бирлашмалари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш ва замонавий диагноз ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш ишлари ниҳоясига етказилди”.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, “Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 мингта чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди”. “Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришганини алоҳида таъкидлашни истардим”, - дейилади маърузада.

Янгилик билан ўртоқлашиш: