Ўзбекистонда тоғ-металлургия комплекси қурилади

Дата: 14:34, 17-01-2018.

Тошкент. 17 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Қорақалпоғистондаги Тебинбулоқ кони базасида 1 миллион тоннагача пўлат маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга тоғ-металлургия комплекси қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

12 январда ушбу масала юзасидан президентнинг ПҚ-3473 сонли қарори қабул қилинган. Ҳужжатга мувофиқ, лойиҳада қуйма темир ва пўлат олишда нодомен технологияни қўллаш кўзда тутилган.

Қарорда таъкидланишича, “Тебинбулоқ конини чўян олиш мақсадида ўзлаштириш” лойиҳасининг бошланғич техник-иқтисодий асосномаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 27 мартда тасдиқланган эди.

Тегишли тузилмалар 2018 йилнинг 1 апрелига қадар лойиҳани амалга оширишни молиялаштирувчи аниқ манбалар бўйича таклиф киритиши керак бўлади.

Тоғ-металлургия комплексининг бош пудратчиси “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси белгиланган бўлиб, унга лойиҳани амалга ошириш учун халқаро ширкатлар консорциумини шакллантириш ҳуқуқи берилган. Компанияга 2018 йилнинг 1 апрелига қадар лойиҳани техник-иқтисодий асосномасини киритиш топширилган.

Шунингдек, тармоқ ОТМда кейинги йилдан бошлаб саноат комплекси учун мутахасссислар тайёрлашни ташкил қилиш топширилган. Комплекс 2024 йилда тўлиқ ишга туширилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамизки, Тебинбулоқ конини ўзлаштириш ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил декабрда Қорақалпоғистонга қилган ташрифида гапириб ўтган эди.

Тебинбулоқ кони улкан темир заҳираларига эга. Уни ўзлаштириш икки босқичда амалга оширилади. ОАВ маълумотларига кўра, лойиҳанинг қиймати $810 млнга тенг. Иккинчи босқичда яна $940 млн. сармоя қилинади.

Сурат манбаи: https://uzreport.news/economy/na-baze-mestorojdeniya-tebinbulak-postroyat-gorno-metallurgicheskiy-kompleks

Янгилик билан ўртоқлашиш: