Ўзбекистонда Тошкент халқаро арбитраж маркази ташкил этилди

Дата: 14:07, 07-11-2018.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Савдо-саноат палатаси (ССП) ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж маркази ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Адлия вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тошкент халқаро арбитраж марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж марказини (TIAC) ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида.

Марказ турли давлатларда жойлашган тижорат ташкилотлари, шу жумладан, хорижий инвесторлар ўртасида юзага келадиган шартномавий ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, хусусан, инвестициялар, интеллектуал мулк ва блокчейн технологиялари билан боғлиқ низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этишни ташкил этиш, низоларни халқаро арбитраж ва низоларни ҳал этишнинг бошқа муқобил усуллари орқали ҳал этиш механизмларини ривожлантириш ва такомиллаштириш, етакчи хорижий арбитражлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро арбитраж орқали низоларни ҳал этиш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, Марказда низоларни ҳал этишга хорижий арбитрларни жалб қилиш билан шуғулланади.

Шунингдек, марказ вазифалари орасида халқаро арбитраж, шу жумладан, инвестициялар билан боғлиқ низоларни суддан ташқари ҳал этиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, ушбу йўналишда тадқиқотлар ўтказиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш, маҳаллий ва хорижий хўжалик юритувчи субъектлар, хусусан, хорижий инвесторларга инвестиция билан боғлиқ, шу жумладан, томонлардан бири давлат бўлган низоларнинг вужудга келишининг олдини олиш соҳасида консультация хизматларини кўрсатиш кабилар ҳам бор.

Сурат манбаи: http://law-smyth.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: