Ўзбекистонда товарларни маркалашнинг ягона тизими жорий қилинади

Дата: 17:27, 25-01-2018.

Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда товарларни маркалашнинг ягона тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Товарларнинг айрим турларини назорат (идентификация) белгиси билан маркалаш тизимни жорий қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтилган. Лойиҳа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида эълон қилинган.

Қарор лойиҳасида қайд этилишича, тизимни жорий этиш товарларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини таъминлайди ва товарнинг ишлаб чиқарувчилардан тортиб то пештахтагача бўлган йўлини кузатиб бориш, контрафакт ва ноқонуний маҳсулотларнинг сонини камайтириш имконини беради.

Қонун лойиҳасида кенг турдаги озиқ-овқат, спиртли ва алкоголсиз ичимликлар, уксус, фармацевтика маҳсулотлари ва сигаретларнинг маркалаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, товарлар рўйхати янги моллар ҳисобига кенгайтирилади.

Режаларга мувофиқ, назорат маркаларига эга бўлиши зарур бўлган истеъмол товарларини савдо тармоқларида маркалашсиз сотиш 2019 йил 1 апрелига қадар амалга оширилиши мумкин.

Товарларни маркалаш тизими 2018 йил охирига қадар жорий этилиши кутилмоқда. 

Сурат манбаи: https://www.retail-loyalty.org/news/edinuyu-natsionalnuyu-sistemu-markirovki-tovarov-razrabotayut-v-etom-godu/

Янгилик билан ўртоқлашиш: