Ўзбекистонда товарларнинг келиб чиқиш сертификати бир иш куни давомида берилади

Дата: 22:56, 21-12-2016.

Тошкент. 21 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда товарларнинг келиб чиқиш сертификати бир иш куни давомида берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда кўзда тутилган.

norma.uz портали маълумотларига кўра, илгари бир хил товар учун сертификат олган ариза берувчи мурожаат қилган тақдирда, товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш ариза топширилган вақтдан бошлаб бир иш куни мобайнида амалга оширилади. Айни пайтда аризада товар номи ва миқдоридан сўнг илгари берилган сертификатнинг рақами кўрсатилади.

Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар, шу жумладан, реэкспорт қилинаётган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни олиш юзасидан мурожаат қилганда ҳужжатлар ариза берувчи томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда ахборот тизими орқали тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Янги меъёр 2017 йил 1 январдан кучга киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: