Ўзбекистонда трансчегаравий УЖГ аъзоларига ҳукм ўқилди

Дата: 10:54, 24-08-2017.

Тошкент. 24 август. ЎзТАГ – Ургут туман Жиноят ишлар судида Тожикистондан Ўзбекистонга наркотик моддалар контрабандаси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари устидан очиқ суд йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

2016 йил декабри охирида МХХ Самарқанд вилояти бўлими ходимлари томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари кирган УЖГ зарарсизлантирилди.

 “Ўзбек-тожик чегараси яқинида ўтказилган операция натижасида Ургут тумани Чеп қишлоғида яшовчи Ҳакимхон Ғозиевнинг уйида Тожикистон фуқароси 33 ёшли Иброҳим Хайдаров қўлга олинди. Ғозиевнинг ҳовлиси текширилганда 10 кг оғирликдаги халта топилди”, - дейилади суд хабарида.

Терговда Иброҳим Хайдаров Тожикистоннинг Пенджикент тумани “Шурнаво” аҳоли пунктида яшаб, Пенджикентдаги 16 ўрта мактабда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаши маълум бўлди.

Судда Иброҳим Хайдаров ўз айбини тўлиқ тан олди ва тунда давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани ҳамда контрабанда йўли билан шериги Ҳакимхон Ғозиевнинг уйига Тожикистондан наркотик моддаларни Ўзбекистонга сотиш учун олиб келганини сўзлаб берди.

Молни Ургут туманида яшовчи Шоиста Сувонова буюртма қилгани маълум бўлди. У ҳам жавобгарликка тортилди.

УЖГнинг барча аъзолари кўриб чиқилган материал ва далиллар асосида Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича айбдор деб топилиб, жазога тортилди. Хусусан, Ш.Сувонова 11 йилга, ТР фуқароси Иброҳим Хайдаров ва Ҳакимхон Ғозиев 14 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: