Ўзбекистонда транспорт вазирлиги ташкил этилди

Дата: 14:34, 08-02-2019.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда транспорт вазирлиги ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташкил этилсин”, - дейилади президентнинг “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида​”ги фармонида.

Ҳужжатга мувофиқ, вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспортлари, метрополитен, шунингдек, йўл хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Вазирлик транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар фаолиятини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, лицензия ва рухсатномалар бериш, сертификатлаштириш, самарали техник ва тариф сиёсатини амалга ошириш йўли орқали давлат томонидан тартибга солиш вазифасини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси (уни Автомобиль йўллари қўмитаси этиб қайта номлаган ҳолда), Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги этиб қайта ташкил этган ҳолда), Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси этиб қайта номлаган ҳолда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, (Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси этиб қайта номлаган ҳолда), Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ўзбекистон кемачилик регистри, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзаэронавигация” маркази янги вазирлик ихтиёрига ўтказилади.

Бундан ташқари, вазирлик ҳузурида Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази ташкил этилалиди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти тугатилади.

Сурат манбаи: https://expertrt.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: