Ўзбекистонда транспортни рўйхатдан ўтказиш ва халқаро намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари олиш учун 210 минг сўм тўлаш зарур

Дата: 16:59, 19-10-2017.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда транспортни рўйхатдан ўтказиш ва халқаро намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари олиш учун 209685 сўм тўлаш зарур, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Адлия вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлигининг автомототранспорт воситалари гувоҳномалари ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномалари учун тўловлар ставкалари давлат рўйхатидан ўтказилди. Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб халқаро стандартлар асосида пластикдан тайёрланган янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилмоқда. Мазкур гувоҳномаларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш харажатларини инобатга олиб, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномани бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида (104 842 сўм 50 тийин), шунингдек ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида (104 842 сўм 50 тийин) тўлов ундирилиши белгиланди”, - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, янги намунадаги гувоҳномалар махсус ҳимоя воситаларига ҳамда маълумотларни бевосита алоқасиз амалга ошириш имконини берувчи махсус электрон белгиларига (NFC Смарт-карт) эга бўлиб, уларда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР), юридик шахслар учун эса солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) сақланади.

Шу билан бирга, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади. Амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш 2017 йил 1 октябрь – 2018 йил 31 декабрь даврида ихтиёрий равишда, 2019 йил 1 январ-2020 йил 31 декабр даврида – мажбурий тартибда амалга оширилади. Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш 2017-2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич – автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: