Ўзбекистонда тугатилган қишлоқ врачлик пунктларининг бинолари шифокорларга хизмат уйлари сифатида берилди

Дата: 12:06, 19-10-2017.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда тугатилган қишлоқ врачлик пунктларининг бинолари шифокорларга хизмат уйлари сифатида берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

 Хусусан, бу ҳақида 18 октябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда сўз кетди.

“Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди”, - дейилади Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабарида. 

 Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди. “Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг бакалавриатура босқичини битирган 3 минг 197 ёш мутахассиснинг 79 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: