Ўзбекистонда Туркманистоннинг Миллий кўргазмаси очилди

Дата: 10:41, 24-04-2018.

Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Туркманистоннинг Миллий кўргазмаси очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бугун биз мамлакатимизнинг нафақат ишбилармон доиралари, балки бутун жамоатчилигининг эътибор марказида турган Туркманистон миллий кўргазмасини очмоқдамиз. Кўргазма мажмуасида бугунги Туркманистон иқтисодиётининг улкан салоҳияти ва юксак эътирофга молик ютуқлари, унинг бой табиий, илмий ва интеллектуал ресурслари, замонавий технологиялари кенг намойиш этилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Туркманистон миллий кўргазмаси иштирокчилари ва меҳмонларига” мурожаатномасида.

Шу билан бирга, деб қайд этилади шундан кейин, бу ерда ташкил этилган ёрқин экспозиция қардош туркман халқининг қадимий ва ноёб маданияти ҳамда анъаналари билан яқиндан танишиш имконини беради.

“Туркманистоннинг халқаро миқёсда эътироф этилган барча ютуқлари ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовнинг чуқур ўйланган, самарали сиёсати натижаси эканини алоҳида қайд этишни истардим. Ишончим комил, кўргазма якунида иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация алоқаларини ривожлантиришга, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида  янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги савдо шартномалари ва битимлар имзоланади”, - деб таъкидланади мурожаатномада.

Сурат манбаи: http://www.aloqada.com/m/News/2018/04/23/nacionalnaya-promyshlennaya-vystavka-turkmenistana-otkrylas-v-tashkente-(foto)

Янгилик билан ўртоқлашиш: