Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича дастур янгиланади

Дата: 16:59, 12-12-2016.

Тошкент. 12 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича самарали механизм яратиш зарур, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимидаги маърузасига асосланган ҳолда.

“Қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларида битта-иккита мақола ёки кўрсатув билан чекланиш мумкин эмас. Қабул қилинган қонунларни атрофлича муҳокама қилиш, юртдошларимизнинг уларга муносабатини ифода этадиган таҳлилий материаллар, кўрсатув ва эшиттиришлар, афсуски, жуда кам”, - деб таъкидлади Мирзиёев ўз нутқида.

Унинг фикрига кўра, “Ҳозирги кунда Адлия вазирлигининг бу борадаги фаолиятини талаб даражасида деб бўлмайди. Шу муносабат билан ушбу вазирлик ва унинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш зарур”.

Адлия вазирлиги мутасадди идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунларнинг маъно-мазмунини жойларга етказиш, уларни кенг тарғиб қилишга қаратилган аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим.

Шунингдек, давлат раҳбари 20 йил аввал бу борада қабул қилинган Миллий дастурни янгилашни таклиф қилди ва бу ишни парламентга топширди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: