Ўзбекистонда ҳуқуқий саводхонликни таълим муассасалари ичида ошириш режалаштирилмоқда

Дата: 16:37, 10-01-2019.

Тошкент. 10 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳуқуқий саводхонликни таълим муассасалари ичида ошириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президентининг 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

“2019/2020 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий билимлари узлуксиз ва тизимли ошириб борилишини таъминлаш механизмини жорий этсин, шунингдек, ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув дастурларини тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминласин”, - дейилади ҳужжат матнида.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 мартга қадар ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, айниқса, уларнинг онгида коррупциянинг жамият ва мамлакат равнақи учун ўта салбий иллат эканлигини тарғиб қилишга қаратилган ўқув материаллари тайёрланишини ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича таълим муассасаларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишининг самарали механизмларини кенгайтириш чоралари кўрилади.

Сурат манбаи: https://srcnkoms.mszn27.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: