Ўзбекистонда уч босқичда патронаж хизматининг янги тизими жорий этилади

Дата: 17:27, 29-11-2018.

Тошкент. 29 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда уч босқичда патронаж хизматининг янги тизими жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Тиббий патронаж хизмати инсон саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш ва халқимиз саломатлигини муҳофазалашда муҳим ўрин тутади. Ушбу йўналишда ишлар талаб даражасида йўлга қўйилса, жамиятдаги кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларнинг олди олинади", - деб таъкидлади Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э. Боситхонова.

Режага кўра, эндиликда патронаж ишлари уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда аҳоли ҳар 6 ойда хатловдан ўтказилади. Унда аҳоли орасида патронаж кўмагига эҳтиёжманд қатлам аниқлаб олинади.

Иккинчи босқичда патронаж ҳамшира, умумий амалиёт шифокори ва тор мутахассислар иштирокида аҳоли хонадонида мақсадли патронаж тадбирлари ташкил этилади. Унда патронаж парваришга муҳтож ёлғиз қариялар, ногиронлар ва ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, 1 ёшгача ва ногирон болалар, ҳомиладорлар, янги туққан оналар патронаж билан қамраб олинади. Мақсадли патронаж ҳар ҳафтада, белгиланган режа асосида ташкил этилади.

Учинчи босқичдаги патронаж тадбирларини ташкил этишда бирламчи тиббий-санитария тизими ходимларига вилоят ва республика миқёсидаги даволаш муассасалари ва ихтисослашган илмий-амалий марказлар олимлари яқиндан кўмак беради. Бу тадбир эндиликда ҳар ойда ташкил этилиб, ушбу жараёнда сурункали касалликка чалинган, ихтисослашган тиббий кўмакка муҳтож беморлар қамраб олинади. Беморларни касаллигига қараб амбулатор ёки стационар шароитда туман, вилоят ҳамда республика муассасаларида даволаш чоралари кўрилади.

Айни пайтда, деб қайд этилади хабарда, Соғлиқни сақлаш вазирлигида ва ҳудудий тиббиёт муассасаларида янги тартибдаги патронаж ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва тизимли мониторинг қилиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи шакллантирилган.

 

Сурат манбаи: http://darakchi.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: