Ўзбекистонда уч музей-қўриқхона қайта номланди ва тўртта янгилари ташкил этилди
Тошкент. 21 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда уч музей-қўриқхона қайта номланди ва тўртта янгилари ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва Ўзбекистон Бадиий академиясининг Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тегишлича “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей-қўриқхоналарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин”, - дейилади президентнинг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида.
Шунингдек, Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Хива “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасини тегишлича “Бухоро”, “Самарқанд”, “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхоналари этиб қайта номлаш таклифлари ҳам маъқулланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ташкил этилади. Департамент моддий маданий мерос объектлари ва маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Шунингдек, моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш билан ҳам шуғулланади.
Муассаса, шунингдек, тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини, моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб боришни ҳам амалга оширади.
Сурат манбаи: http://www.adecatours.com