Ўзбекистонда уч таркиб ўрнига атига икки таркиб ташкил этилди

Дата: 14:06, 01-12-2017.

Тошкент. 1 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда тугатилган уч таркиб ўрнига атига икки таркиб ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси, Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси, шунингдек, Фан ва технологиялар агентлиги тугатилмоқда. Уларнинг ўрнига Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб қувватлаш фонди ташкил этилди.

Фармонга шарҳда айтилишича, муассаса “инновацион ва илмий-техник ривожланиши соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган этиб белгиланди”. Янги идора инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни рўёбга чиқариш учун бюджет маблағларидан оқилона фойдаланган ҳолда мавжуд ресурс ва маблағларнинг сафарбар этилишини таъминлайди.

Ҳужжатда таъкидланишича, пировард натижада, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг инновацион йўли иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи, мамлакат барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг омили бўлиши лозим.

Ташкил этилган Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўтказилаётган тадқиқотлар бўйича ҳисобот беришнинг шаффоф тизимидан фойдаланган ҳолда инновацион ғоялар ва уларни ишлаб чиқишни молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаси ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: