Ўзбекистонда ҳукумат ҳузурида ишлаб чиқариш қурилишини эксперт баҳолаш бўйича агентлик яратилди

Дата: 17:25, 03-12-2015.

Тошкент. 3 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳукумат ҳузурида ишлаб чиқариш қурилишини эксперт баҳолаш бўйича агентлик ташкил этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Иқтисодиёт вазирлигидан хабар қилишларича, Янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлиги тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2015 йил 19 ноябрда 332 сон билан тасдиқланган.

Янги агентлик президент ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган инвестиция лойиҳаларининг дастлабки ва якуний техник-иқтисодий асосланишини ва ҳисоб-китобларини (ДТИА/ТИА, ДТИҲ/ТИҲ) экспертизадан ўтказади.

Жумладан, уларга марказлаштирилган инвестициялар: Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат мақсадли фондлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари фондларининг маблағлари, айрим тармоқлар ва ташкилотларнинг ҳукуматнинг қарорлари билан ташкил этиладиган махсус фондлари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси номидан ёки унинг кафолати остида жалб этиладиган хорижий кредитлар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар киради.

Шунингдек, булар президентнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар берилишини назарда тутувчи алоҳида қарорлари асосида амалга ошириладиган; маҳсулот тақсимотига оид битимларга мувофиқ амалга ошириладиган; низом фондида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотлар томонидан марказлаштирилмаган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган қиймати $10 млндан ортиқ бўлган; стратегик фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашни назарда тутадиган молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, қиймати $10 млн дан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳалардир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: