Ўзбекистонда улгуржи савдогарлар учун энг кўп устама миқдори 15%, дорихоналар учун 20% кўп эмас қилиб белгиланди
Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда тиббий дорилар нархлари шаклланишининг янги механизми жорий этилади. Бунга доир тегишли қарор Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2017 йилнинг 1 январидан бошлаб четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгиланмоқда”, - дейилади хужжатда.
Бундан ташқари, янги тартибга мувофиқ, тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланмоқда. Лекин ҳозирча ушбу рўйхат билан танишишнинг имкони йўқ.
Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситаларини тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди.
Эслатиб ўтамизки, мамлакатда 132 фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда ва улар томонидан икки минг турдан ортиқ дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда.