Ўзбекистонда UMS МЧЖ раҳбарияти ўзгартирилди
Тошкент. 14 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда UMS МЧЖ компаниясининг бош директори ва техник директор ўзгартирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
UzDaily.uz нашрининг мобил операторга асосланиб берган маълумотига кўра, бош директор этиб Сражитдин Фахрутдинов, техник директор қилиб Собир Арипов тайинланди.
“Икки йилдан кўпроқ фаолияти давомида UMS ривожланишнинг зарур поғонасига етди ва қатъий рақобат шароитида аҳолига керакли маҳсулот ва хизматларни тақдим этиб келмоқда”, - деб изоҳ берди воқеага Сражитдин Фахрутдинов.
Унинг сўзларига кўра, компания ўз ривожланиш стратегиясини амалга оширишни давом этади ва Ўзбекистон ҳудудларига кириб боришни кенгайтириш, алоқа ва интернет сифатини янада ошириш, мижозларбоп таклифларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга алоҳида эътибор қаратади. “Ишончим комилки, ўз ишининг профессионалларидан ташкил топган жамоа билан нафақат белгиланган марраларни эгаллаймиз, балки бардавом ривожланиш учун асос яратамиз”, - деб таъкидлади UMS раҳбари.
Ўз навбатида, С.Арипов ўтган йиллар давомида UMS база станциялари сонини кескин кўпайтирди, республика бўйича хизмат кўрсатиш доираларини кенгайтирди ва бу орқали мобил алоқанинг юқори сифатини таъминлади, деб таъкидлади.
“Ҳозирги кунларда компания техник жиҳатдан жуда катта марраларга эришишни кўзламоқда. Тармоқ радиоқамрови ҳудудини янада кенгайтириш ва хизматларимиздан иложи борича кўпроқ аҳоли фойдалана олишга шароит яратиш бўйича кенг қўламдаги дастур амалга оширилмоқда. Шу билан бирга тармоқни ривожлантириш учун энг замонавий технологияларни татбиқ қилиш, тармоққа тушаётган оғирлик ортаётган шароитда овозли алоқа ва маълумотлар узатиш сифатини яхшилаш ишлари давом этмоқда”, - деб қўшимча қилди ширкат техник директори.