Ўзбекистонда Умумармия ўйинлари бошланди

Дата: 17:52, 29-04-2016.

Тошкент. 29 апрел. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкентда спортнинг ҳрабий-амалий ва олимпиа турлари бўйича олтинчи Умумармия ўйинлари бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мудофаа вазирлигидан хабар беришларича, унда ҳарбий округлар, бирлашмалар, олий ҳарбий ўқув юртларига мансуб 11 жамоа қатнашмоқда. Улар спортнинг кўпкураш, ҳарбий ва офицерлик учкураши, мерганлик, тош кўтариш, бадминтон, регби, бокс каби турларида беллашадилар.

Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-инженерлик билим юрти амалдаги кубок эгаси ва умумжамоа ҳисобида мусобақанинг икки карра ғолиби ҳисобланади.

Биринчиликда Самарқанд автомобил қўмондонлик-инженерлик олий ҳарбий билим юрти ҳам 2004, 2006 ва 2008 йилларда ғолиб бўлган.

Умумармия ўйинларининг очилиши мудофаа вазирлиги ва “Ватанпарвар” жамияти спортчиларининг  намунали чиқишлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг Марказий ашула ва рақс ансамбли концерти билан бошланди.

Мусобақалар 6 майгача давом этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: