Ўзбекистонда ҳунармандлар лойиҳаларини молиялаштиришга 146,6 млрд сўм йўналтирилади

Дата: 09:25, 21-11-2017.

Тошкент. 21 ноябр. ЎзТАГ – 2019 йил охирига қадар Ўзбекистонда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича 3015 лойиҳаларни молиялаштиришга 146,6 млрд сўм йўналтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг қарорига асосланган ҳолда.

“Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Микрокредитбанк”, “Халқ банки” ва “Агробанк” акциядорлик тижорат банклари учун умумий ҳажми $50 млн миқдорида кредит линиялари очилади. Ушбу маблағлар тижорат банклари филиаллари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида лойиҳаларни кредитлаш учун, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш фоиз ставкасида айланма маблағларини тўлдириш учун йўналтирилади”, - деб таъкидланади ҳужжат матнида. 

 Бир кредит олувчига бериладиган кредит ҳажми энг кам иш ҳақининг 300 баробаригача бўлган миқдорда кўзда тутилган, кредит муддати олти ойлик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда 2 йилни ташкил этади. 

 Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкига аҳолининг ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликдаги бандлигини ошириш учун имтиёзли микрокредитларни ажратиш мақсадлари учун ҳажми 50 млрд сўм миқдорида йиллик 2 фоизлик ставкада кредит ресурслари ажратилиши кўзда тутилган. 

Бу ишлар 9 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратишга имкон беради, иш ўринларининг кўпчилиги қишлоқлар ва олис туманларда ташкил қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: