Ўзбекистонда ҳунармандларга хориж валютасидан эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилади

Дата: 12:58, 06-11-2017.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳунармандларга хориж валютасидан эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 ноябр куни ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда сўз кетди.

“Йиғилишда берилган топшириқларга мувофиқ, ҳар бир вилоятда махсус кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилиб, уларда ҳунармандлар бепул иштирок этади. Шунингдек, уларнинг хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль ва ярмаркаларда қатнашишига кўмаклашилади. Ҳунармандларнинг экспорт фаолияти ҳам рағбатлантирилади. Уларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, жумладан, банк ҳисобрақамларидан хорижий валютани нақд ҳолда олиш ҳуқуқи берилади”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Ҳунармандликни ривожлантириш учун “Устоз-шогирд” анъанаси асосида бу жараёнга ёшларни жалб этиш, ҳунармандларни шогирд олиш ва ҳунарга ўргатишга рағбатлантириш, ёш ҳунармандларга фаолиятини бошлашда ҳар томонлама кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди. 

Шунингдек, йиғилишда бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, ҳунармандликка кредитлар ажратишни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: