Ўзбекистонда қуриладиган GTL-заводнинг қиймати $5,6 млрдгача ошди

Дата: 14:07, 04-03-2014.

Тошкент. 4 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон жануби Қашқадарёда қуриладиган синтетик ёқилғи (GTL – gas to liquid) заводининг қиймати 1,3 бараварга ошиб, $5,6 млрдга тенглашди, дея хабар бермоқда Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Осиё тараққиёт банки сайтидаги маълумотга кўра, илгари завод қурилиши $4,1 млрдга баҳоланган. Шунингдек, бу ерда завод қурилиши жорий йилнинг кузида бошланиб, 2018 йилнинг биринчи чорагида тугалланиши хабар қилинмоқда.
2014 йилнинг май ойида эса лойиҳа иштирокчилари молиялаштириш манбаларини келишиб олишни мўлжалламоқдалар. Эслатиб ўтамиз, 2009 йилнинг ноябрида “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси ва Жанубий Африканинг Sasol ва Малайзиянинг Petronas компаниялари тенг улушларда Қашқадарё вилоятидаги Шўртан газ-химия мажмуи асосида синтетик ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган Uzbekistan GTL ҚК ташкил этиш ҳақида келишувни имзоладилар. Айни пайтда Sasol ва “Ўзбекнефтегаз” лойиҳада 44,5 фоиздан улушга эга, Petronasда эса - 11% улуш мавжуд.
Режага мувофиқ, завод йилига 3,5 млрд кубометр газни қайта ишлайди ва 864 минг тонна дизел ёқилғиси, 304 минг тонна авиакеросин, 395 минг тонна нафта ва 11,2 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаради.
Заводнинг технологик қисми Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering & Construction компанияси томонидан қурилади. Бу ҳақида шартнома 2013 йил декабрда имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: