Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 14% кўпайди

Дата: 17:27, 22-01-2016.

Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистонда қурилиш материаллари саноати корхоналари томонидан 4 трлн 603,8 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, бу эса 2014 йилдагидан 14% кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат статистика қўмитасидан маълум қилишларича, тармоқда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг умумий саноат ҳажмидаги улуши 5% ташкил этди.

2014 йилга нисбатан тармоқнинг йирик саноат корхоналари томонидан каолин ишлаб чиқариш ҳажми 4,7 мартага, листланган шиша 25,8%га, ишлов берилган мармар, травертин, алебастр ва улардан тайёрланган буюмлар 17,1%га, томга ёпиш учун керамик черепица 16,7%га, қурилиш учун (ўтга чидамсиз) керамик ғиштлар 16,5%га оширилишига эришилди.

Бир вақтнинг ўзида, йирик корхоналар томонидан қурилиш учун қоришмалар ва аралашмалар ишлаб чиқариш 2,0 мартага, оҳактош ишлаб чиқариш 46,8%га, портландтцемент ишлаб чиқариш 12,3%га, гипс ишлаб чиқариш 5,4%га ўсган.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмининг асосий қисми Тошкент (тармоқнинг умумий ҳажмига нисбатан 20,9%), Навоий (20,1%), Фарғона (12,5%) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (11,2%) корхоналари хиссасига тўғри келмоқда.

Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 24,4%ни ташкил этди ва жами саноат ҳажмидаги улуши эса 52%га етди.

Ҳозирги пайтда республикада 5065 қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 720 2015 йилда янги ташкил қилинган корхоналардир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: