Ўзбекистонда Қурилиш-монтаж ташкилотлари реестрини юритиш талаби бекор қилинди

Дата: 16:40, 03-04-2018.

Тошкент. 3 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Қурилиш-монтаж ташкилотлари реестрини юритиш талаби бекор қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 апрелдаги “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

“Барча тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасидан молиялаштириладиган объектлар қурилиши доирасида товар (иш, хизмат)ларни харид қилиш бўйича танлов (тендер) савдоларида белгиланган тартибда иштирок этиш ҳуқуқи берилсин”, - дейилади ҳужжат матнида.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда қурилиш соҳасида айрим фаолият турларини лицензиялашнинг соддалаштирилган механизмини тасдиқлаш, бунда лицензия шартномасини имзолаш заруратини бекор қилган ҳолда, аниқ ва тўлиқ лицензия талаблари ва шартларини, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширишнинг самарали механизмини, моддий жавобгарлик ҳамда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишни назарда тутиш топширилди.

 

Сурат манбаи: https://bcvlex.com/en/successful-claim-filed-by-the-law-firm-bcvlex-against-the-spanish-tax-agency/

Янгилик билан ўртоқлашиш: