Ўзбекистонда қурилиш-пудрат ташкилотлари реестри жорий этилмоқда

Дата: 08:02, 30-03-2014.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда қурилиш-пудрат ташкилотларининг вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар кесимида реестри жорий этилмоқда. Айни пайтда бундай ташкилотларнинг йилига янгиланадиган электрон базаси яратилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Бу иш 2014 йилнинг 15 мартидан эътиборан Давлат архитектура қурилиш қўмитаси ва Статистика қўмитасига топширилди.
Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига кирган ташкилотлари бир қатор имтиёзларга эга бўладилар. Хусусан, улар 2018 йилнинг 31 декабрига қадар импортга олиб келадиган қурилиш техникаси, ускуна, машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимидан ташқари) озод этиладилар.
Шунингдек, юқоридаги ташкилотлар реестрга киритилган санадан бошлаб уч йилга юридик шахслар даромадларига солинадиган солиқлардан ҳам озод этилади. Бунда олиб қолинаётган маблағлар янги қурилиш техникаси, ускуналар ва техник жиҳозлашга йўналтирилиши зарур.
Қарорга мувофиқ, 2014 йил 1 июлдан бошлаб, марказлашган манбалардан молиялаштириладиган объектларда қурилиш монтаж ишларини бажариш бўйича тендерларга қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига киритилган ташкилотларгина қўйилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: