Ўзбекистонда Қурувчилар куни таъсис этилди
Тошкент. 8 август. ЎзТАГ – 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда августнинг иккинчи якшанбаси Қурилиш соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосланган ҳолда.
“Ушбу қарор республикада амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш, бугунги кунда соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ва соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида қабул қилинди”, - дея қайд этилади қарор матнида.
Эслатиб ўтамизки, бугунда республикада 23,8 мингта пудрат ташкилотлари, 31 та бош лойиҳа институти ва 1000 га яқин лойиҳа ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатда қурилиш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича 3 та архитектура ва қурилиш институти фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 12 та олий таълим муассасаси ҳамда 390 та касб-ҳунар коллежида қурилиш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрланади.
2017 йилда республика бўйича барча манбалар ҳисобидан жами 37,5 трлн сўм ҳажмда қурилиш ишлари бажарилиб, ўтган йилга нисбатан 120,5%га ўсиш кузатилади. Натижада жорий йилда жами 15 мингта арзон намунавий уйлар, 191 та арзон кўп қаватли уйлар ва 2,5 мингта ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилади.