Ўзбекистонда қуввати 100 МВтлик гелиостанция қуришга тендер эълон қилинди

Дата: 14:27, 20-10-2014.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – “Ўзбекэнерго” Давлат-акционерлик компанияси Самарқанд вилоятида фотоэлектрик станция қуриш учун тендер эълон қилди, деб хабар қилади Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) душанба куни компания хабарига асосланган ҳолда.

Тендер фотоэлектрик элементлар асосидаги панеллари қия ўрнатиладиган қуввати 100 МВтлик электростанцияни тўлиқ қуриб битказиш шарти билан эълон қилинган. Конкурс шартларига мувофиқ, унинг бошланғич қиймати маълум қилинмаяпти. Таклифлар 19 декабргача қабул қилинади ва танлов натижалари 2015 йилнинг биринчи чорагида эълон қилинади.

Илгари “Ўзбекэнерго” 2019 йил баҳорига бориб Марказий Осиёдаги қуввати 100 МВт ва йилига 200 млн кВт/сга тенг бўлган илк гелиостанцияни қуришни режалаштиргани ҳақида хабар қилинган эди. Қиймати $310 млнлик лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг $110 млнлик кредити ва Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва “Ўзбекэнерго” маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Умуман, Ўзбекистон қуввати 2 ГВтдан ортиқ бўлган бир неча қуёш электростанциялари қуришни режалаштирмоқда. Ушбу лойиҳалар “Ўзбекэнерго”нинг ўз маблағлари ва халқаро молия ташкилотларининг кредитлари ҳисобига барпо этилади. Ўзбекистондаги қуёш энергетикасининг салоҳияти 50,9 млрд тонна нефт эквивалентига тенг деб баҳоланмоқда. Бу эса малакатдаги барча қайта тикланувчи энергия манбаларининг 99,7% ташкил этади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: