Ўзбекистонда Ғузор шаҳрининг бош режаси тасдиқланди

Дата: 12:07, 04-08-2015.

Тошкент. 4 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Архитектура ва қурилиш қўмитасининг қарори билан Қашқадарё вилояти Ғузор шаҳрининг бош режаси тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қўмита матбуот хизмати маъолумотларига кўра, бош режа “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК лойиҳа институти томонидан ишлаб чиқилган ва шаҳарнинг 2030 йилга қадар ривожланиш истиқболларини белгилайди.

Хусусан, 15 йилда шаҳар ҳудудини 1757,7 гектаргача, жой фондини 832,0 минг кв. метргача, аҳоли сонини 32 минг кишигача кўпайтириш режалаштирилмоқда.

“Бош режа ижтимоий, инженерлик ва транспорт инфраструктурасини ривожлантириш, экологик ҳолитни яхшилашни кўзда тутади”, - дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамизки, Ғузор Қашқадарё вилоятидаги шаҳар бўлиб, Ғузор тумани марказидир. Бу ерда шу номли темир йўл станцияси жойлашган бўлиб, Қарши, Китоб ва Қумқўрғон йўлларини бирлаштиради. 1977 йилдан бошлаб шаҳар мақомини олган.

Ғузорда енгил саноат корхоналари, 2005 йилдан бери Ўзбекистон Олий лигасида қатнашувчи “Шўртан” футбол клуби жойлашган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: